Устозни хотирлаб - САИДОВ МУХТОР САФАРБОЕВИЧ

Андижон давлат университети Физика кафедраси бир гуруҳ профессор ўқитувчилари томонидан Яримўтказгичлар физикаси соҳасининг ривожланишига катта ҳисса қўшган олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Академиги, Абу Райхон Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти соҳиби, САИДОВ МУХТОР САФАРБОЕВИЧнинг порлоқ хотирасига атаб тадбир уюштирилди.

Тадбир Андижон давлат университети «Қайта тикланувчи энергия манбалари лабораторияси» мудири, техника фанлари доктори, профессор Райимжон Алиев томонидан ташкиллаштирилди. Дастлаб Устознинг руҳини шодлаш учун қуръон тиловати қилинди. Юзларга фотиҳа тортилгандан сўнг дастурхонга ноз-неъматлар қўйилди. Устозни таниган шогирдлар устоз ҳақида бошларидан ўтган кечинмаларини бошқалар билан ўртоқлашдилар. Кафедра ардоғидаги устоз Унвонжон ака Қосимов (университетда устозга Алишер ака деб мурожаат қиладилар) МУХТОР САФАРБОЕВИЧни илмга ўта ғайратли инсон бўлганликларини эътироф этиб, меваси ўлароқ, Райимжон Алиев раҳбарлигида Қайта тикланувчи энергия манбаларини илмий тадқиқ қилишга ихтисослашган катта мактаб шаклланганини таъкидлаб ўтди. «Ҳозирги кунда лабораторияда илмий тадқиқот олиб бораётган докторантлар, магистрантлар ва бакалавриат талабалари кўплаб ютуқларга эришаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бу албатта нафақат Райимжон Алиевнинг, балки бутун университетимизнинг ютуғи ҳисобланади. Буларнинг барчасига Райимжоннинг, устози МУХТОР САФАРБОЕВИЧдан ўзлаштирган сабоқлари ҳамда илмга тиришқоқлиги сабабдир» - дейди ўз сўзининг давомида. Тадбир давомида Устоз ҳақларига, уларнинг шогирди бўлган Райимжон Алиев ва у раҳбарлигида лабораторияда илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган илмий изланувчиларнинг ҳақларига дуолар қилдилар.

«Устоз фаолиятидан»

Мухтор Сафарбаевич Саидов 1930 йил 21 ноябрда Хоразм вилояти Манғит тумани (ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси Манғит шаҳри)да деҳқон оиласида туғилган. 1947 йил Манғит туманидаги 1-сонли ўрта мактабни тамомлаган. Мактабда ўқиб юрган кезларида Манғит тумани халқ суди котиби (1944-1945 йй), туманда жойлашган «Меҳнаткаш» ателесида этикдўз шогирди (1945) сифатида фаолият олиб борган. Мактабни тамомлаб, шу йилнинг сентябр ойида Ўрта Осиё давлат университети (Ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) нинг физика-математика факультетига ўқишга кирган. 1947 йил декабрдан - 1951 йилгача - Хоразм давлат педагогика институтининг физика-математика факултетида тахсил олган. Талабалик йилларида Хоразм давлат педагогика институти сиртқи бўлим котиби лавозимида фаолият юритган(1949-1950 йй.). 1951 йил институтни тамомлаб, илмий тадқиқот ишларини давом эттириш мақсадида Москва давлат университетининг физика факултетига аспирантурага ўқишга борди. 1954 йилда «Майда аралашмаларнинг суюқ ва қаттиқ қалай таркибига таъсири» мавзуси бўйича математика фанлари номзодлиги диссертациясини ёқлади.

Мухтор Сафарбаевич 1954 йилдан бошлаб Хоразм давлат педагогика институтида катта ўқитувчи лавозимида иш бошлади. Кейинчалик физика кафедраси мудири бўлиб фаолиятини давом эттирди. 1957 йилдан 1959 йилгача Самарқанд давлат университетининг оптика кафедрасида мудир лавозимида иш олиб борди. 1959 йилнинг июлидан декабргача Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институти катта илмий ходим лавозимига ишга тайинланди.

Фанлар Академияси Физика-техника институтида 1967 йилга қадар «Яримўтказгичли кристалларнинг ривожланиш» лабораторияси мудири (1960 1964 йй.), директор ўринбосари (1964-1967 йй.) лавозимларида ишлади. Шу билан биргаликда Тошкент давлат политехника институтининг «Яримўтказгичли қурилмалар» кафедрасида доцент (1965-1967 йй.), ва кафедра мудири (1967-1969 йй.) лавозимларида ҳам фаолият юритди. Вақтдан унумли фойдаланишни билган Мухтор Сафарбаевич 1970 йилда «Баъзи яримўтказгичли ва металл тизимли аралашмаларни тақсимланиши ва ўзаро таъсирини тадқиқот қилиш» мавзуси бўйича физика-математика фанлари докторлик диссертациясини ёқлади. 1977 йилга келиб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми аъзоси ва физика-математика фанлар бўлимининг вақтинчалик академик-котиб вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланди. 1978 йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси У.А.Арифов номидаги электроника институти директори лавозимида ишини давом эттириб, 1985 йилга қадар кўплаб илмий тадқиқотчиларнинг жонларига оро кирди. 1986 йилда «Узгелиотехника» Тармоқлараро илмий-техник маркази бошлиғи лавозимига ўтди. 1989 йилдан эса «Қуёш технологияси»да бош муҳаррир лавозимиди ишни давом эттирди.

Устоз кўплаб шогирдлар чиқарди ва мамлакатимиз илмий салоҳиятини кўтаришга юксак ҳисса қўшди. Қуйида устознинг юртимиз равнақи учун олиб борган ишларидан бир қанчасини келтирамиз

1960 й. - Чехословакия, Прага шаҳридаги «Яримўтказгичлар физикаси» халқаро конференцияси вакили.

1966 й. - Москва шаҳридаги «VII халқаро конгресс ва кристалларнинг ривожланиши» симпозиуми иштирокчиси.

1978-1980 йй. - илмий-тадқиқот марказлари билан танишиш ва алоқа ўрнатиш мақсадида Ҳиндистонга хизмат сафари.

1979 й. - Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги У.А.Арифов хотирасига бағишланган, «Қаттиқ сирт билан атом заррачаларининг ўзаро таъсири» мавзуси бўйича симпозиумининг ташкилий қўмита раиси.

1980 й. - Москва шаҳридаги кристалларнинг ўсиши ҳақида VI ҳалқаро конференция қатнашчиси. Ўзбекистоннинг фан арбоби фахрий унвони соҳиби

1981-1985 йй. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси электроника институтида номзодлик диссертациялари бўйича илмий кенгаш раиси.

1981 й. - Тошкент шаҳридаги «кремний-германий қотишмаларини қўллаш ва тадқиқот қилиш» ташкилий қўмитаси V мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси.

1981-1999 йй. - I, II , III, IV, V, VI, VII, IX, X Халқаро маслаҳат қўмиталари аъзоси ва қатнашчиси. Деҳли, Мадрас шаҳридаги яримўтказгичлар физикаси бўйича халқаро конференция аъзоси ва қатнашчиси.

1982 й.- Профессор илмий унвони билан тақдирланган.

1982-1988 йй. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ФТИда докторлик диссертациялари бўйича илмий кенгашининг раис ўринбосари.

1984 й. - Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги. Эмиссон электрон ташкилот қўмитаси XIX конференциясининг раиси.

1985-1990 йй. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси «Физика-математика» фанлари бўлими академик-котиби.

1987 й. - Тошкент, Деҳли шаҳарлари. «Материаллар ва электрон» III Халқаро семинар ташкилий қўмитаси раиси. Таниқли ижтимоий фаол Алфред Топфер таклифига биноан Германия Федерациясига сафари делегацияси раҳбари.

1988 й. - «Қуёш технологияси» бош муҳаррири ўринбосари. Хитой Халқ Республикаси Пекин шаҳридаги «Илм-фан ва технология» кунлари иштирокчиси. Қарши шахридаги «Қуёш энергиясидан миллий иқтисодиётда фойдаланиш борасида асосий йўналишлар ва тажрибалар» мавзусида конференцияси ташкилий қўмита раиси.

1989 й. - Тошкент шаҳридаги «Яримўтказгичларда фотоэлектрик ҳодисалар» мавзусидаги конференциясининг дастурий қўмита раиси ўринбосари.

1989-1996 йй. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ФТИ да докторлик диссертасиялари ҳимояси илмий кенгаш раиси.

1990 й. - Урумчи шаҳридаги Синцзян-Уйгур автоном райони (ХХР ФА филиали) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси делегация раҳбари.

1991 й . - Тошкент шаҳрида «Кремний-германий қотишмаларини қўллаш ва тадқиқот қилиш» VIII мувофиқлаштириш йиғилишининг ташкилий қўмита раиси. Тошкент шаҳридаги «Қуёш энергиясидан миллий иқтисодиётда фойдаланиш борасида асосий йўналишлар» мавзусидаги конференциянинг ташкилий қўмита раиси. Тошкент Пекин шш. «Қуёш муҳандислик» бўйича халқаро семинар ташкилий қўмита раиси.

1992 й. - Абу Райхон Беруни номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти билан тақдирланди. Россия федерацияси Технологик фанлар академиясининг академиги. Санкт-Петербург шаҳридаги »Қуёш энергиясидан фойдаланиш» бўйича халқаро курслар қатнашчиси. Шинжон Уйғур автоном вилояти Урумчи шахридаги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси делегацияси раҳбари ва «Қуёш муҳандислиги» бўйича II Ўзбекистон-Хитой семинари иштирокчиси. Деҳли, Ҳиндистон, шаҳридаги ўтказилган «Фан ва фотоэлектрик ҳужайралар технологияси» VI халқаро конференсияси аъзоси.

1993 й. - Нукус шаҳридаги «Бир неча қатламли, даврий яримўтказгичли тузилмалар ва қурилмалар» II Халқаро илмий семинарнинг ташкилий қўмита раиси. Ҳиндистон, Деҳли ш. «Ўзбекистон-Ҳиндистон: тарихий ва маданий алоқалар» семинар иштирокчиси. Инглиз тилида «Қуёш технологияси» журналини қайта чоп этувчи «Аллертон Пресс Инк» нашриёти таклифига биноан АҚШга сафар.

1994 й. - Пакистан, Исламабад шаҳридаги Халқаро «Қуёш энергияси» бўйича конференциясида тўрт тақдимотлар билан иштирок этган. Тошкент ш. Осиё-Тинч океани жамияти мактабида (АПСАМ-94) илғор материаллар бўйича иштирок этган. Тошкент ш. «Янги материаллар ва қурилмалар» халқаро илмий конференцияси иштирокчиси ва ташкилий қўмита раиси ўринбосари.

1995, 1997, 1999 йй. - Покистон, Исломобад шаҳридаги Халқаро илмий қўмита аъзоси ва «Илғор материаллар» мавзуси бўйича IV-VI Халқаро симпозиум иштирокчиси.

1995 й. - Тошкент шаҳридаги «Илғор материаллар ва янги технологиялар» мавзуси бўйича Халқаро конференция иштирокчиси. Тошкент шаҳри Дастурий қўмита раиси ва «Яримўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси замонавий муаммолари» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиси.

1996 й. - Москва шаҳрида: «Ривожланиш, маданият ва атроф-муҳит учун қайта тикланадиган энергия»; Пакистан, Исламабад шаҳрида: «Фазовий ўтишлар»; «Қайта тикланадиган электр манбаълари» бўйича ЮНЕСКО семинари; Тошкент шаҳрида: «Илғор технологиялар» бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон семинари; Фарғона шаҳрида: «Учиш аппаратларини мониторинги» мавзуси бўйича халқаро семинари; Андижан шаҳрида: «Микроэлекроника ва қуёш энергияси учун кремний ишлаб чиқариш муаммолари» мавзуси бўйича халқаро конференциялар иштирокчиси.

1996 й. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясида «Қаттиқ физика» мутахассислиги мавзусида докторлик диссертацияси ҳимояси бўйича илмий кенгаш раиси.

1997 й. - Урганч шаҳридаги «Кристаллар ўсиши» бўйича I миллий конференция ташкилий қўмита раиси. Тошкент шаҳридаги «Яримўтказгичли асбоблар физикаси дрозарб муаммолар» мавзуси бўйича ҳалқаро анжуман иштирокчиси. Тошкент шаҳри ташкилий қўмита раиси ва «Қуёш муҳандислиги» бўйича ҳалқаро конференциялар иштирокчиси. Тошкент шаҳрида Дастурий қўмита аъзоси ва «Синтезда лазерлар, олмосни қайта ишлаш ва хусусиятларини аниқлаш» бўйича халқаро конференцияси иштирокчиси. Райт номидаги лобаратория семенарларида илмий ҳисобот учун АҚШга, Дейтон шаҳридаги Райт-Паттерсон ҳаво кучлари базасига, Кливленд шаҳридаги Люис НАСА номидаги марказга ва Сиракуз шаҳридаги Рим лобаратория ҳаво кучларига сафар.

1998 й. - Пакистан, Исламабад шаҳрида «Кремний технологиялари» бўйича АҚШ-Покистон симпозиум иштирокчиси. Тошкент шаҳрида «Фан ютуқлари ва микротузилмали қаттиқ ва юмшоқ моддалар технологияси»; Наманган шаҳрида «Микроэлектроника ва қуёш энергияси учун поли ва монокристалли кремний ишлаб чиқазиш муаммолари» бўйича халқаро конференциялар иштирокчиси.

1999 й. - Тошкент шаҳрида «Яримўтказгичлар физикаси амалий муаммолар» бўйича халқаро конференцияси иштирокчиси ва дастурий қўмита раиси ўринбосари. Тошкент шаҳрида «Озиқланиш минтақавий муаммолари» бўйича халқаро конференция аъзоси.

2000 й. - Урганч шаҳрида «Кристалларнинг ўсиши» мавзусидаги II миллий конференция ташкилий қўмита раиси.